17/04/2023
Савол:
Қадр кечасида қандай ибодатлар қилиш керак? Қадр намозини қандай ўқийдилар?
Жавоб:
- Уламолар Қадр кечасининг вақти тўғрисида турли-туман фикрлар билдиришган. Бу борадаги энг тўғри фикрга кўра, Қадр кечаси рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларида яширинган бўлиб, бу кеча йилдан йилга ўзгариб кўчиб юради. Шунинг учун Қадр кечасини топаман деган инсон рамазоннинг охирги ўн кунлигида ва айниқса, унинг тоқ кечаларида кўп тоат-ибодатлар қилиши керак.
- Шариатимизда Қадр кечасида ўқиладиган муайян бир намоз йўқ. Бу кечада ўқилиши лозим бўлган маълум ракаат намоз ва унинг ҳар бир ракаатида муайян суралар ўқилиши тўғрисидаги сўзлар асоссиз бидъат сўзлардир.
Унинг ўрнига Қадр кечасини суннатда баён қилинган тарзда: эътикоф ўтириш, дуо қилиш, муайян ракаатда чекланмаган миқдорда хоҳлаганча намоз ўқиш ва зикр қилиш каби тоат-ибодатлар билан ўтказиши лозим.
☪️Диндошлар бугун қадр кечаси эҳтимол қилинган кунлардан биридир. Уни ўтказиб юборманг. Яқинларингизга улашинг!